O'zb Рус Eng
+99871 230-22-79 Телефон доверия
+99871 230-22-83 Горячая линия

Новости

“Чет тилларни ўқитишда узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжуман

Жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ҳалқ таълими вазирлиги, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази ҳамда Наманган давлат университети шунингдек, Британия кенгаши ҳамкорлигида “Чет тилларни ўқитишда узвийлик ва узликсизликни таъминлаш: муаммо ва ечимлар”  мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Мазкур анжуман Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909 сонли, 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3739 сонли ҳамда узлуксиз таълимнинг барча босқичларида чет тилларни ўқитиш сифатини оширишда асос бўлиб хизмат қилувчи 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875 сонли қарорларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида узлуксиз таълим тизимида чет тилларни ўқитишдаги муаммо ва ечимлар, замонавий ёндашувлар, инглиз тили бўйича ўқув дастурлари ва материалларини яратиш, чет тили бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш, мутахассислик фанларини чет тилида ўқитишнинг замонавий методлари  (CLIL, CBLT, EMI, CBI), малакалар интеграцияси, маданиятлараро мулоқот, бошланғич мактабларда чет тилларини ўқитиш ҳолати, чет тилларни ўқитишда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, кўптиллилик муҳитида чет тилларини ўқитиш борасидаги хорижий тажриба ва замонавий тенденциялар каби долзарб масалалар муҳокама қилинди, ўзаро фикр алмашилди ҳамда муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда қўйилган масалаларни босқичма-босқич ҳал этиб бориш орқали самарадорликка эришиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  
Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад олий таълим соҳасида хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уни кенг тарғиб қилишдан иборат. Буларнинг барчаси узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг лингвистик, прагматик, дидактик ва яна бир қанча самарали йўналишлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилди. Шунингдек, амалий тадқиқотларнинг долзарб масалалари ҳамда уларни илмий ва таълим муҳитида жорий қилиш муҳокама қилинди.
Маълумки, бугунги кунда юртимизда ёшларнинг чет тилларини мукаммал ўрганиши учун етарли шарт-шароитлар яратилмоқда, ёш авлод вакилларига чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, бўлажак кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаётир.  
Конференцияда республикамизнинг Олий таълим муассасаларидан ва умумтаълим тизимида фаолият юритаётган 150 нафардан ортиқ малакали чет тили ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, шунингдек, АҚШ, Буюк Британиядан  мутахассислари, хусусан, Др. Бахия Дифенбах, Джошуа Гастон ва Джефф Станфорд ва бошқа бир қатор университетлар вакиллари иштирок этди.
Анжуман умумий ялпи йиғилиш тартибида бўлиб ўтди.
Конференция якунида тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчиларга сертификатлар топшириш маросими ташкил этилади.

Uzspic

Uzspic

Источник: Uzspic